KfW банк Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш учун маблағ ажратади
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг KfW тараққиёт банки ўртасида республикамизда соғлиқни сақлашни рақамлаштиришни ривожлантириш учун 45 млн. евро миқдорида имтиёзли кредит ва 5,5 млн. евро миқдорида грант ажратиш бўйича келишув имзоланди.
Битим мақсади Ўзбекистонда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга доир рақамли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Ислоҳотлар маълумотлар алмашинувини яхшилаш ва соғлиқни сақлашни бошқаришнинг рақамли инфратузилмасини ва унинг маъмурий жараёнларини тартибга солиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади.
“Самарали ИТ инфратузилмасини яратиш орқали соғлиқни сақлашни сезиларли даражада яхшилаш мумкин. Бу, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламлари учун муҳим”, – деди KfW Bankengruppe бошқаруви аъзоси Кристиане Лайбах.
Рақамлаштириш кўрсатилаётган хизматлар нархини яхшироқ назорат қилиш имконини беради ва соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатда барқарор молиялаштиришга ёрдам беради.