Комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти янгиланди
2022 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика бўйича тиббиёт муассасалари томонидан ФХДЁга тақдим этиладиган ўлим ҳақида тиббий маълумотномани қоғоз шаклда бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон шаклда тизим орқали маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилади.
Ўлимни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2022 йил 25 февралдаги 89-сонли Ҳукумат қарори билан тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги IT-MED МЧЖ томонидан “Туғилиш ва ўлимни электрон рўйхатга олиш” автоматлашган ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, бу тизим ФХДЁ органлари билан интеграция қилинди.
Янгиланган регламентга кўра, тиббиёт муассасаси ходими ўлим ҳолати тасдиқлангандан сўнг, вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни ФҲДЁ бўлимига автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборади.
ФҲДЁ бўлими ахборот тизими орқали келиб тушган маълумотнома асосида автоматик равишда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувини қайд этади ва маълумотни тиббиёт муассасаси ва Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборади.
Шундан сўнг тиббиёт муассасаси ходими QR-код тасвири туширилган ўлим ҳақидаги маълумотномани ариза берувчиларга дарҳол икки нусхада чоп этиб беради. Ушбу маъуломотнома ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви ФХДЁ органлари томонидан қайд этилганлигини тасдиқлайди ва гербли гувохномага тенглаштирилан ҳамда марҳумни дафн этиш учун асос бўлади.
Пенсия жамғармаси бўлими ҳар ойнинг 5-санасигача ўтган ойда ушбу ҳудудда тўланган дафн этиш учун нафақаларнинг умумий миқдоридан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Тижорат банкининг ҳисобварағига молиялаштиради.
QR-код туширилган ўлим ҳақидаги маълумотнома асосида тижорат банки пенсия жамғармасига электрон сўров юбориш орқали тасдиқлайди ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақа тўловини амалга оширади.
ФҲДЁ бўлими вафот этган шахснинг яқин қариндошлари ва меросхўрларининг исталган вақтдаги талабига асосан экстерриториал тамойил асосида ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномани чоп этиб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади.
Маълумот учун:
Туғилиш ва ўлим ҳолатларини электрон рўйхатга олиш электрон тизими “IT-Med” МЧЖ томонидан 2021 йилда ишлаб чиқилди.
“IT-Med” Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот-коммуникация технологиялари, телемедицина ва масофавий таълимни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича масъул муассасадир.