IT-Med делегациясининг Жанубий Кореяга ишчи сафари давом этмоқда. Жорий ҳафтада директор М. Хадралиев бошчилигида бир қатор самарали учрашувлар ва ташрифлар ўтказилди.
Инчхон шаҳрида улар Inha университети касалхонасига ташриф буюриб, муассаса фаолияти, бизнес жараёнлари, шифохона ахборот тизимларининг функционаллиги, тизимларни давлат органлари ва суғурта жамғармалари билан интеграциялаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Inha университети касалхонаси президенти билан мулоқотда жорий лойиҳа бўйича ҳамкорликнинг кейинги истиқболлари, шунингдек, грантларни олиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Чхунчхон-Пукто вилоятида иштирокчилар куйиш билан боғлиқ касалликлар учун мўлжалланган шошилинч ёрдам кўрсатишга ихтисослашган Bestian касалхонасига ташриф буюришди. Касалхонанинг рақамли инфратузилмаси, унинг HIS шифохона тизими ва PACS тасвирларни архивлаш ва узатиш тизимининг ишлаши, ҳамда телетиббиёт ечимлари намойиш этилди.
Шунингдек, вилоят раҳбарияти билан мамлакатимизда соғлиқни сақлашни рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари бўйича музокаралар олиб борилди.
Иш ҳафтаси якунида Сеул шаҳрида IT-Меd, Ўзбекистон Республикаси Давлат тиббий суғурта жамғармаси ва Кореянинг тиббиётда сунъий интеллект технологиясини жорий этиш билан шуғулланувчи ACRYL компанияси ўртасида англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Меморандумнинг мақсади Ўзбекистон миллий соғлиқни сақлаш тизимининг тиббий хизматлар кўрсатиш, суғурта, ўқитиш ва тиббий консалтинг учун рақамли ечимларни жорий этиш билан боғлиқ масалаларни биргаликда ривожлантиришдан иборат.