Соғлиқни сақлаш вазирлигида IT-Med ходимларининг Россияда соғлиқни сақлаш соҳасида ягона давлат ахборот тизимини ривожлантириш компанияси «Цифромед» вакиллари билан ишчи учрашуви бўлиб ўтди
Суҳбат чоғида томонлар фаолият йўналишлари ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот алмашишди, иккала компаниянинг муваффақиятли ютуқлари қайд этилди, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, 3-4 июнь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Соғлиқни сақлаш бўйича «Ўзбекистон-Россия» халқаро форумида “IT-Med” ва “Цифромед” ўртасида меморандум имзолашга келишиб олинди. Ушбу келишувга асосан Россия томонидан инвестициялар ажратилиши белгиланган бўлиб, мазкур инвестициялар Россия Федерациясининг ягона рақамли соғлиқни сақлаш платформаси доирасида ишлаб чиқилган ва амалга оширилган тиббиёт муассасаларининг бизнес жараёнларини рақамлаштириш, лаборатория тадқиқотлари ва радиология учун дастурий маҳсулотлар шаклида берилиши режалаштирилган.