2022 йил 24-25 февраль кунлари ЖССТ экспертлари тиббий хизматлар…
2022 йил 24-25 февраль кунлари ЖССТ экспертлари тиббий хизматлар кўрсатиш ва соғлиқни сақлашни молиялаштиришнинг янги моделини жорий этиш бўйича пилот лойиҳанинг амалга оширилишини мониторинг қилиш мақсадида амалий ташриф билан Гулистонда бўлдилар. Мазкур ташриф ЖССТ экспертларининг Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш ва мониторинг қилишда кўмаклашиш миссияси доирасида бўлиб ўтди.
Экспертлар миссияси пилот лойиҳанинг олти ойлик якунлари бўйича амалга оширилган ишларни мониторинг қилиш ҳамда кейинги ҳаракатларни белгилаб олишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Президент Администрацияси ва Давлат тиббий суғурта жамғармасига (ДТСЖ) кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
Пилот лойиҳада бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимига алоҳида эътибор қаратилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Президент маъмурияти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДТСЖ ва Молия вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлиб, уларда давлат суғурта механизмларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Икки кун давом этган ташриф давомида, шунингдек, давра суҳбати ўтказилиб, унда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, оилавий шифокорлар ва ҳамширалар томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари фаолиятини ахборотлаштириш ва молиялаштириш борасидаги ютуқларга оид маърузалар тингланди. Маърузалар якуни бўйича ЖССТ экспертлари томонидан тавсия ва таклифлар билдирилди.
Маълумот учун:
Пилот лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сон “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2021-йил июль ойида Сирдарё вилоятида тиббий хизматлар кўрсатиш ва соғлиқни сақлашни молиялаштиришнинг янги моделини жорий этиш бўйича ишга туширилган эди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон шароитига мослашган ҳолда бирламчи тиббий-санитария муассасаларига хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари жорий этилмоқда.
Тажриба лойиҳасининг кўпгина таркибий қисмлари ЖССТ Кузатув кенгаши раҳбарлигида Миллий соғлиқни суғурталаш жамғармаси томонидан назорат қилиб келинмоқда.
Миссия вазифалари:
– Сирдарё вилоятида олиб борилаётган тажриба ислоҳотлари, ислоҳотларнинг асоси сифатидаги халқаро тажриба ва кутилаётган натижалар ҳақидаги тушунчани яхшилаш;
– Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами, соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва бошқарувни базавий баҳолашни ўтказиш ҳамда Сирдарё вилоятида эришилган натижаларни ҳужжатлаштиришни бошлаш;
– пилот лойиҳани амалга ошириш жараёнида юзага келадиган асосий муаммоларни муҳокама қилиш ва уларни ҳал қилиш йўлларини таклиф қилиш;
– Сирдарё вилоятида ислоҳотларни жорий этиш ва кенгайтириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғурта жамғармасининг салоҳиятини кучайтиришни давом эттириш;
– амбулатор дори-дармонлар учун харажатларни реимбурсация қилиш (қоплаш) дастурини ишлаб чиқишда ёрдам бериш.
Ташриф якунлари бўйича пилот ҳудудда келгуси олти ой давомида давлат тиббий суғуртаси механизмларини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” шакллантирилди.