Электрон йўлланма бериш механизми
Аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий талабларга жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш мақсадида Ўзбекистонда ордер бериш механизми такомиллаштирилиб, 2021 йил 1 октябрдан, электрон навбат асосида берила бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5199-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги негизидаги «IТ-Мed» МЧЖ томонидан “Давлат бюджети ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш” ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Мазкур ахборот тизими имтиёзли тоифадаги беморларга «Нозологиялар» классификаторидан жой олган касаллиги асосида маълум тиббиёт муассасаларида имтиёзли даволаниш учун имкон беради. Имтиёзни тасдиқлаш нуқтаи назаридан қоғоз ҳужжатларга ҳамда беморнинг бевосита иштирокига бўлган эҳтиёж минимал даражага туширилган.
Шундай қилиб, имтиёзли тоифага кирувчи шахслар эндиликда тиббий хизмат кўрсатувчи ва Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан шартнома тузган давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларини мустақил танлаш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шундай қилиб, йўлланма механизмини электрон шаклга ўтказишнинг афзалликлари қаторига қуйидагилар киради:
• Беморнинг бевосита иштирокига бўлган эҳтиёжни минималлаштириш;
• Йўлланма (ордер) беришда коррупциянинг олдини олиш;
• Йўлланма (ордер) бериш жараёнида шаффофликни таъминлаш.
• Aхборот алмашинувини оптималлаштириш;
• Қоғозбозликни қисқартириш;
• Имтиёзли йўлланма шаклланиш жараёнини онлайн кузатиш имкониятини яратиш.
Шунингдек, яқин келажакда нодавлат тиббиёт ташкилотларига ҳам кардиология, травматология ва ортопедия, акушерлик ва гинекология йўналишлари бўйича имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хизмат кўрсатиш рухсат этилади. Нодавлат тиббиёт ташкилотларининг жалб қилиниши тиббий муассасалар орасидаги рақобатни шакллантириб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини оширишга яхши имконият яратади.
Бемор ҳақидаги маълумот туман даражасида шакллантирилиб, вилоят ва республика муассасаларига йўналтирилади. Шу тариқа электрон навбат шакллантирилиб, бемор ўз йўлланмаси ҳолатини он-лайн режимида кузатиб назорат қилиб бориш имкониятига эга бўлади.
2021 йил 1 октябрдан бугунги кунга қадар мазкур ахборот тизими орқали 11 мингдан зиёд имтиёзли йўлланмалар яратилиб, уларнинг 10 минг нафардан ортиғи ўз вақтида касалхонага ётқизилди.